ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИ ДАВЛАТ РЎЙХАТИГА ОЛИШ ВА ҲИСОБГА ҚЎЙИШНИНГ ХАБАРДОР ҚИЛИШ ТАРТИБИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 20-21-сон, 174-модда; 2007 й., 12-сон, 108-модда; 2009 й., 1-2-сон, 2-модда; 2010 й., 17-сон, 130-модда, 44-45-сон, 378-модда, 52-сон, 513-модда; 2011 й., 12-13-сон, 114-модда, 22-23-сон, 224-модда; 2012 й., 32-сон, 374-модда; 2012 й., 40-сон, 466-модда; 2013 й., 20-сон, 250-модда, 45-сон, 585-модда, 46-сон, 599-модда, 52-сон, 690-модда; 2014 й., 29-сон, 356-модда)

Тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш учун маъмурий сарф-харажатларни камайтириш, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишдаги бюрократик тўсиқлар ва ғовларни бартараф этиш йўли билан янада қулай шарт-шароитларни яратиш мақсадида:

1. 2006 йилнинг 1 сентябридан бошлаб тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олишнинг хабардор қилиш тартиби ўрнатилсин, ер майдонлари ажратиб бериш, газ ва электр тармоқларига улаш тўғрисида, шунингдек лицензияланадиган фаолият турлари бўйича қарор талаб этиладиган тадбиркорларни рўйхатга олиш бундан мустасно.

2. Қуйидагилар белгилансин:

тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш, тегишли равишда, юстиция органлари ёки туман (шаҳар)лар ҳокимликлари ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари томонидан бир вақтнинг ўзида уларни солиқ ва статистика органларида ҳисобга қўйган ҳолда амалга оширилади;

ариза — хабарномани берган пайтдан бошлаб тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатига олиб, унга давлат рўйхатига олинганлик тўғрисидаги гувоҳномани беришгача ўтадиган муддат кўпи билан икки иш кунини ташкил этади.

3. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низом иловага*мувофиқ тасдиқлансин.

* Илова рус тилидаги матнда берилган.

4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ой муддатда рўйхатга олувчи тузилмаларнинг моддий-техника базасини хатловдан ўтказсин ҳамда уни мустаҳкамлаш, жумладан, зарур хоналар, компьютер техникаси ва тегишли ахборот материаллари билан таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси 2006 йилнинг 1 сентябригача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда туман (шаҳар)лар давлат солиқ инспекциялари билан рўйхатга олувчи органлар ўртасида солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамлари берилганлиги тўғрисидаги тегишли сўровномаларни қабул қилиш ва ушбу ахборотни рўйхатга олувчи органларга узатиш учун электрон почта алоқаси ташкил этилишини таъминласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси:

рўйхатга олувчи органларда тадбиркорлик субъектларини хабардор қилиш асосида давлат рўйхатига олиш учун зарур бўлган статистик кодлар келтирилган статистика классификаторлари мавжуд бўлишини таъминласин;

2006 йилнинг 1 сентябригача тадбиркорлик субъектлари томонидан Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат рўйхатида айнан бир хил фирма номлари мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларни олиш сўровномаларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш учун зарур моддий-техника базасини яратсин.

Олдинги таҳрирга қаранг.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

(7-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 апрелдаги ПФ-4215-сон Фармони таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 17-сон, 130-модда)

тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг хабардор қилиш тартибига риоя этилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатсин;

тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг хабардор қилиш тартибини тушунтириш бўйича оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда мақолалар чоп этилишини таъминласин, телекўрсатувлар туркумини ташкил қилсин;

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси билан биргаликда минтақаларда Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйишнинг хабардор қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг асосий йўналишлари бўйича аҳолини ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви тегишли органлари ходимларини кенг жалб этган ҳолда семинарлар ўтказилишини таъминласин.

8. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар;

тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг хабардор қилиш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

2006 йил 24 май,

ПҚ-357-сон